Мазкур бўлим фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мўлжалланган.
Агар Сиз тибббиёт
ёки фармацевтика
саноати вакили бўлсангиз,
тугмани босинг
Агар Сиз тиббиёт
ёки фармацевтика
саноати ходими бўлмасангиз,
тугмасини босинг
КиришҚайтиш

Заҳарланиш

  1. Экзоген интоксикация - заҳарланишнинг ўзига хосликлари.
  2. Эндоген заҳарланиш.
  3. Жигар интоксикацияси.
  4. Даволаш йўллари.

Интоксикация

Интоксикация ёки заҳарланиш – келиб чиқиши турлича бўлган заҳарлар билан алоқа оқибатида организмдаги патологик ўзгаришдир. Бундай алоқа натижасида физиологик жараёнлар бузилиб, органлар морфлогик, хусусан, хужайра ва тўқималар структурасида ўзгаришлар кузатилади. Хатарли томони, қатор ҳолларда қайта тикланмас даражада ўзгариш рўй бериши мумкин. Буларнинг барчаси ўзига хос аломатлар билан кечади.

Экзоген ва эндоген интоксикация турларига тўхталамиз. Экзоинтоксикацияда заҳарли моддалар организмга атроф-муҳит орқали тушади. Эндоген интоксикацияда эса заҳарланиш организмнинг ўзида тўпланадиган токсинлар таъсири остида юзага келади.

Шунингдек, заҳарланиш ўткир ва сурункали жараёнларга ажратилади. Ўткир интоксикация организмнинг юқори даражали токсинларга тезлик билан реакцияси (дақиқа, соат ёки кун орасида) ҳисобланади. Алкоголдан ўткир заҳарланиш ҳолатида одатда, “мастлик” ибораси қўлланади. Сурункали заҳарланишда эса узоқ муддат (ҳафталар, ойлар) давомида токсинларнинг организмда тўпланиши тушунилади. Заҳарланганлик аломати яққол кўзга ташланиши учун токсинлар миқдори етарлича бўлмагани сабабли, аломатлари секин-аста намоён бўлади. Организмнинг қаршилик кўрсатиш қобилияти ўзгаришларга улгурмаслиги оқибатида органларда тузалмас оғир асоратлар пайдо бўлиши мумкин.

Экзоген интоксикацяининг ўзига хосликлари

Экзоген интоксикация аксарият ҳолларда – заҳарланиш деб аталади.

Асосий сабаблари:

  • Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш: озиқ-овқат маҳсулотлари (сифатсиз, муддати ўтган ва/ёки бактериялар ва вируслар билан заҳарланган), шунингдек, заҳарли қўзиқоринлар;
  • Маиший заҳарланиш: кўп миқдордаги алкоголь ва аралашмалар (суррогат) (метил спирти, этиленгликоль), кислота ва ишқорли (лимон кислотаси, сирка, тиш тозалаш воситалари), маиший кимёвий воситалар ва пардоз-андоз воситалари;
  • Тиббий заҳарланиш: гиёванд ва тиббий препаратлар (ортиқча миқдорда);
  • Биологик заҳарларлар: ўсимлик токсинлари, шунингдек судралиб юрувчилар ва ўрмаловчи ҳашаротлар заҳри (илон ва ўргимчаклар, каналар);
  • Саноат ва транспорт заҳарлари: ишлаб чиқаришда технологик жараён бузилиши ҳамда транспорт воситаларидан атроф-муҳитга чиқариладиган заҳарлар, техноген фалокатлар, енгил кислоталар (олтингугурт, азотли водород) ташувчи цистерналарнинг портлаши;
  • Радиацион заҳарлар: (атом электрстанциялардаги портлашлар, радионуклидлар билан зарарланган маҳсулотларни истеъмол қилиш).

Ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёни ва кундалик турмушда кимёвий воситалар қўлланади. Ишлатиш қоидаларига риоя қилинганда, инсон организмига ёки кийм-кечагига тушмаса улар ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Бироқ, фойдаланиш талаблари бузилса, ҳидланса, ичга кетса, зарарланган тери, яра-чақаларга тушадиган бўлса, инсонга зарар етказиш даражасида таъсир қилади.

Энг кўп тарқалган кимёвий воситалар:

  • Заҳарли газлар (ис газлари);
  • Оғир металл тузлари (қўрғошин, симоб);
  • Хўжаликда фойдаланиладиган кимёвий ювиш воситалари;
  • Заракунандаларга қарши ишлатиладиган заҳарлар;
  • Паст сифатли косметика воситалари;
  • Қишлоқ хўжалигида қўлланадиган пестицид ва нитратлар.

Ўғит ва ўсимликлар ҳимоясига мўлжалланган кимёвий воситалар инсон организмига зарар етказиши баробарида, уларнинг ўсимликлар таркибида тўпланиши билан ҳам каттагина хавф туғдиради. Шунинг учун ҳам заҳарли кимёвий моддалар тўпланган ўсимлик маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида заҳарланиш ҳеч гап эмас.

Озиқ-овқатдан заҳарланиш

Озиқ-овқат интоксикацияси нима? Таркибида токсик моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, инфекцион касалликка сабаб бўлувчи (масалан, сальмонеллёз) микроорганизмларнинг организмга тушиши натижасида заҳарланиш овқатдан заҳарланиш дейилади. Сурункали ошқозон-ичак касалликлари бўлган ва иммунитети кучсизланган кишиларда мазкур патологиянинг ривожланиш эҳтимоли кўпроқ.

Аксарият ҳолларда тайёрлаш технологияси, сақлаш қоидалари ва етарли даражада пиширилмаганда сут ва гўшт маҳсулотларидан заҳарланиш кузатилади.

Клиник кўриниши:

  • Ваража, умумий ҳолсизлик, ҳолатнинг фавқулодда ёмонлашуви;
  • Тана ҳароратининг кўтарилиши (баъзан 39-40°Cга қадар кўтарилиши мумкин);
  • Кўнгил айниши, қайт қилиш;
  • Ич кетиши (ичбуруғ);
  • Қорин оғриғи (одатда – қаттиқ санчиқли).

Бундай ҳолатларда заҳарланиш касаллик белгиларидан бири ҳисобланади. Юқоридаги кўринишларнинг биронтаси кузатилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Шунингдек, заҳарланганлик эҳтимоли бўлган озиқ-овқат маҳсулотини ташлаб юбормаслик ва уни шифокорга кўрсатиш фойдадан холи эмас. Лаборатория шароитида токсин ва микробларни ажратиб олиш зарур терапивтик муолажа тайинлашни осонлаштириши мумкин.

Алкоголдан заҳарланиш

Кўп миқдорда алкогол истеъмоли ҳам заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин. Бунда бош мия фаолияти бузилади, руҳий ва вегетатив (ички органлар фаолияти) бузилиш содир бўлади. Заҳарланиш даражаси қабул қилинган алкогол миқдорига эмас, балки бундан олдин ичилган алкогол ва инсон организмида алкоголни зарарсизлантирувчи махсус фермент тизими фаолиятига ҳам боғлиқ.

Шифокорлар алкогол таъсирида маст бўлишнинг 3 босқичини ажратади:

  • Биринчиси (енгил) – қондаги алкогол миқдори 1,5 ‰ (промилле)дан ошмайди ва одатда руҳий ҳолатда намоён бўлади (маст киши сергап, эмоционал, диққатининг бузилиши, сабрсизлик), шунингдек, ҳаракат координациясининг бузилиши, юз қизариши, пульс, нафас олиш ва сўлак ажралиб чиқишининг ортиши;
  • Ўрта ча - қонда этанол миқдорининг 1,5 дан 2,5 ‰ (промилле) концентрацияси. Бундай мастлик ҳолатида кучли руҳий ўзгаришлар: тафаккур сусаяди, тил буралади, вақт ва макон оралиғини англаш бузилади, баъзан агрессивлик ва қўполлик, пойинтар-сойинтар гапириш, кўнгил айниши ва қайт қилиш ҳолатлари кузатилади;
  • Оғир мастлик ҳолати. Қонда алкогол миқдори 2,5 дан 4 ‰ (промилле) га қадар ортиб, ҳаёт учун хавфли ҳисобланади. Инсон ички органлари фаолияти бузилади, маст киши ҳушини йўқотиши, таъсирчанлик реакцияси йўқолади, кўз қорачиқлари тораяди, алкогол қонда 4 ‰ (промилле)дан ошган ҳолатларда нафас олиш тўхтаб, инсон ўлиб қолиши мумкин.

Шунинг баробарида, узоқ муддат алкогол истеъмоли ва қондаги этанол миқдори сезиларли даражада юқори кишиларда ўрганиб қолиш ҳисси пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Эндоген интоксикация

Тўқималар фаолиятини бузувчи, моддаларнинг фавқулодда тезликда парчаланиши (катаболизм) ва организмнинг тозалаш тизимининг кучли бузилиши сингари барча патологик жараёнлар натижасида умумий эндоген интоксикация рўй беради. Аксарият ҳолатларда – сурункали, бироқ аниқ бир орган иш фаолиятининг бузилиши (масалан, ўткир буйрак етишмовчилиги) асносида ўткир патология ривожланади.

Асосий сабаблари:

  • Кучли яллиғланиш (перитонит (қорин бўшлиғининг яллиғланиши), ўткир панкреатит, куйиш касаллиги, бўғимларнинг эзилиш синдроми (масалан автоҳалокат), ўткир пневмония) оқибатида токсинларнинг ортиқча ҳосил бўлиши;
  • Тўқиманинг ўлиб бораётган қисмидаги инфекцион ўчоқдан заҳарнинг бошқа аъзоларга сўрилиши (йўғон ичак ўтказувчанлигининг бузилиши, йирингли жараёнлар (флегмон ва абцесслар));
  • Узоқ муддат қон айланиши бузилган тўқималардан токсинларнинг соғломларига сўрилиши (шок, шунингдек, миакард инфарктидан кейин қон айланишининг тезлик билан тикланиши);
  • Организмни тозалаш тизими фаолиятининг бузилиши (буйрак ва жигар етишмовчилиги);
  • Хавфли ўсимталарнинг янгидан ҳосил бўлиши оқибатида ўсимтадаги заҳарли маҳсулотларнинг сингиши, шунингдек ўсимта зарар етказган тўқималарнинг ўлиши;
  • Сурункали, узоқ муддат кечувчи инфекциялар оқибатида кўпроқ тўқималарга зарар етади, кўп миқдорда токсин ҳосил бўлади ва уларни кучсизланган организм чиқариб ташлай олмай қолади (сил, бруцеллёз).

Кейинги пайтларда мутахассислар тери касалликларида ҳам эндоген интоксикациянинг ривожланишини исботлади. Булар: Псориаз, атопик дерматит, токсидермия.

Эндоген интоксикация сабаблари турлича бўлсада, уларнинг клиник кўриниши қарийб, бир хил. Шу боис шифокорлар интоксикацион синдромни алоҳида таърифлайди.

Аломатлари:

  • Мунтазам ошиб борувчи умумий кучсизланиш, дармонсизлик, ҳолсизлик, иш қобилиятининг пасайиши;
  • Давомий бош оғриғи;
  • Бўғимлар оғриғи;
  • Ўхтин-ўхтин кўнгил айниши ва қайт қилиш;
  • Юрак уришининг тезлашиши;
  • Вазн ўзгариши (вазн йўқотиш);
  • Даволаш қийин тана ҳароратининг тез-тез кўтарилиши.

Сил (туберкулёз)га чалинганда заҳарланиш хусусиятлари

Сил сезилмас аломатли, баъзан умуман аломатсиз кечадиган сурункали инфекциялар сирасига киради. Интоксикацион синдром ички аъзоларга зарар етганидан кейингина юзага чиқиши (масалан, йўтал, ҳансираш, ўпка зарарланганда қонли балғам, буйраклар зарарланганда эса пешоб таҳлили) мумкин.

Юқорида таърифланган аломатлар баробарида сил касаллигида периферик лимфатугунларининг катталашуви, шунингдек лимфадент (боғламнинг яллиғланиши) ёки юмшоқ тўқималар ҳам жараёнга қўшилиши – периадент кузатилиши мумкин.

Болаларда одатда, бронхит (нам ва балғамли йўтал), чақалоқларда эса қорин соҳасида эҳтимолий оғриқ, тез-тез қайт қилиш, жигар ва талоқнинг катталашуви кузатилади.

Жигар интоксикацияси

Жигар интоксикацияси заҳарли кимёвий моддалар, алкогол, наркотик ва дори препаратларидан заҳарланиш оқибатида юзага келиши мумкин. Шунингдек, унга онкологик, инфекцион, қандли диабет касалликларида эндоген интоксикациялар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатда асосий сабаб фермент тизимининг бузилиши ва унинг токсинларни зарарсизлантириш қобилиятининг йўқолиши, десак бўлади.

Жигар интоксикацияси ўткир ва сурункали бўлади. Ўткир интоксикация ташқи таъсирдан (масалан, заҳарли иблис қалпоғи замбуруғи) бошлаб соатлар ёки кун оралиғида намоён бўлса, сурункалиси – эндоген интоксикация натижасида 6 ойдан кўп давр оралиғида ривожланади.

Эҳтимолий асоратлари:

  • Жигар циррози;
  • Гепатит;
  • Жигар етишмовчилиги.

Мазкур патология бемор ҳолатини фавқулодда ёмонлаштириш баробарида, вақтида даво чоралари кўрилмаса ўлимга олиб келади.

Даволаш

Терапия икки вазифани мақсад қилади: заҳарли моддалардан тозалаш ва асосий касаллик ўчоғини даволаш (эндоген интоксикацияда) ва дезинтоксикацион терапия.

Ўткир заҳарланишларда ошқозонни ювиш, қайт қилдириш ва кейин сорбентлар қабул қилиш лозим. “Фильтрум” сингари препаратлар организмдан зарарли моддаларни нейтраллаштириши ва чиқаришга кўмаклашади. Бу ротавирус инфекцияларига қарши турувчи ягона сорбент ҳисобланади.

Имкон қадар тезроқ тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак. Фақатгина вақтида қўйилган ташхис ва тўғри даво саломатликни тиклаши, баъзи ҳолларда эса бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.